АКА-УКАЛАР

Акрамнинг отаси оламдан ўтди. Отанинг маъракаларини Акрамнинг ўзи ўтказди. Акаси Аҳрорнинг "қўли калта", жўжа бирдай жон. Олти нафар фарзандни уйли-жойли қилишнинг ўзи бўлмайди. Бир йилда иккита қиз чиқарди. Унга ҳам Акрам ёрдам берди. Ўғил уйлантирди. Тўйнинг бир томонини Акрам кўтарди. Акрам шаҳарда яшайди, катта корхонанинг бошлиғи.
Бугун отасининг "Йил оши". Элга ош бериш ҳам Акрамнинг зиммасига тушди. Маъраканинг ҳаммаси Аҳрорнинг уйида ўтказилди. Акрам ота   уйига бир кун аввал келди. Бозорга бориб қўй олиб келди. Кейин маъракага керакли нарсаларни олди. Онаси Акрамни дуо қилди. Оғзидан бол томиб ўғлини мақтади. Аҳрор эса индамай сабзи тўғрарди. Қайнонасининг гапига зўрға чидаб турган Моҳира тутаб кетди:
- Биз бу ерда қўл қовуштириб ўтирибмизми? Акрам ўғлингиз қўй олиб келган бўлса, Аҳрор ўғлингиз уни сўйди, тозалади. Мен калла-почасини тозалайман...
- Тозаласанг, мазза қилиб ейсизлар-да...
Келин яна бўш келмади.
- Ундай бўлса, мен каллани тозаламайман ҳам, емайман ҳам.
- Унда қўшнига бериб юборамиз.
- Йўқ, бермаймиз.
Аҳрор қайнона-келинни тинчлантиришга уринди. Хотини баттар олов олди ва қайнонасига қараб шундай деди:
- Сиз фақат Акрам ўғлингизни мақтайсиз. Нима Аҳрор ўғлингиз ўгайми? Бир айбимиз маъракага пул қўшмаганимизми? Биз ҳамма хизматини қиляпмиз-ку...Бизнинг хизматимиз кўзга кўринмайди ҳеч...
Моҳирани жағи тинмасди сира. Уни тинчитишга ҳаракат қилган эрига баттар бақирди:
- Ҳамма хизматни биз қилсак, сомса, патир, пичак, қанча нарса пиширдик. Шунда ҳам биз ёмон. Шаҳарлик келин қани?
Аҳрор саросимага тушиб қолди. Ахир бу гапларни укаси эшитиб қолса хафа бўлади. У яна хотинини инсофга чақирди.
- Хотин, сендан илтимос, нима бўлса ҳам бугун чидаб тур. Отамнинг охирги маъракаси тинч ўтсин.
- Шу пайтгача индамай келдим. Мен ҳам энди қўймайман.
- Қўймай нима қилмоқчисан?
- Нима қилишни маъракадан кейин кўрасиз?
Шу пайт Акрам билан хотини кириб келди. Она уларни уйга таклиф қилди. Аҳрор уйда ўтиролмай, ҳовлига чиқди. Хотини белига фартук боғлаб олган, ошхамир кесаяпти. Сўнгра нон ёпди. Аҳрор хотинига узоқ тикилиб қолди. Уни тушунишга ҳаракат қилди. Қишлоқда маърака қилишни ўзи бўлмайди. Маъраканинг қанчадан-қанча ташвиши бор...
Отанинг "Йил оши" маъракаси кўнгилдагидек ўтди. Асосийси, Аҳрор маъраканинг "тинч" ўтганига хурсанд бўлди. Ҳамма ўз уйига тарқалди.
Аҳрорнинг қувончи узоққа бормади. Эрталаб Акрам телефонга чиқиб, салом-аликдан сўнг акасининг тинчликми, деган саволига шундай жавоб берди:
- Ҳа тинчлик ака, гапни чайналди, келинингиз сизлардан хафа!
- Нега?
- Ойимга атаб пишириқ пишириб борган экан кеча маъракага борганда. Дастурхонига иккита қаттиқ нон солиб юборибди. Қаттиқ бўлса ҳам майли...
- Акрам, укажон, бу хотинларнинг иши. Аёллар аҳмоқ бўлишади. Биз эркакмиз-ку...
- Йўқ ака, мен бу ишни шундай қолдиролмайман.
Акрам аканинг гапини эшитмай телефонни ўчириб қўйди. Аҳрор қаттиқ асабийлашди, хотинини роса сўкди. Хотин қилган ишини бўйнига олмай тураверди.
Орадан кўп ўтмай, Акрам хотини билан машинада кириб келди. Уларни кўриб она ҳайрон бўлди. Аҳрор икки ўт орасида қолди. Укасини-ку бир амаллаб тинчитади. Лекин онасига нима дейди. Аҳрор укасига имо-ишора қилди: "Онам билмасин, онамга  айтма" деб.
Моҳира шиддат билан уйдан отилиб чиқиб, қайнонасига ўшқирди:
- Ҳаммасига сиз айбдорсиз...
Она қотиб қолди: "Нима, қанақа уруш, қанақа хамиртуруш?
Аҳрор онасини зўрға уйига олиб кириб, тинчитди. Чиқиб қараса, Акрам йўқ. Токчада эса моғорлаб, кўкариб кетган иккита нон турарди. Аҳрорнинг тепа сочи тикка бўлди. Жаҳл устида хотинининг юзига шапалоқ тортиб юборди:
- Бу нонни қаердан топдинг?!
Моҳира индамай юзини яширди...
Орадан анча вақт ўтиб, Аҳрор ўғлини уйлантириш учун тўй бошлади. Бозордан тўртта нон олиб укасининг уйига борди. Акрам уни совуқ кутиб олди. Ака уканинг қўлига таклифномани бериб қайтди. Лекин Акрам тўйга келмади. 
Бир ҳафтадан сўнг Акрам ҳам қизига тўй қилди. Тўйга акани айтмади...
Донохол АСРОРОВА,
           31-мактаб тарғиботчиси.
Мавзуга оид: