Психолог маслаҳати БОЛАНГИЗНИ СЕВИНГ, У БИЛАН ҲАМФИКР БЎЛИНГ

Кўп йиллик педагогик тажрибамдан шуни англаб етдимки, тарбиянинг асосий маскани бу - оила экан. Ўқувчи мактаб партасида ўтирар экан, ўзини тутиши-ю дарсларни ўзлаштириши, тил ўрганиши, касб-ҳунарга мойиллиги, барча-барчасининг илдизи оила билан чамбарчас боғлиқдир.
Мактаб партасида ўтирган, устозлардан сабоқ олаётган болани кузатсангиз, улар турли-туман. Ўттиз нафар бола бўлса,  ўттиз хил характерга эга. Бир синф ўқувчини кузатсак, 4-5 нафар  бола фақат аъло, 5-6 нафари эса яхши, яна бир қисми ўртача, яна бир қисми эса ёмон ҳулқ-атворли, суст ўзлаштирувчи, яъни "ёмон" ўқувчилар бўлади.
Мен айнан ана шу қўштирноқ ичидаги ёмон ўқувчилар ҳақида гапирмоқчиман. Тажрибали психологларнинг фикрича, ёмон ўқувчининг ўзи бўлмас экан, ўзини ёмон ҳис қиладиган ўқувчилар мавжуд экан.
Ўқувчи тарбияни асосан оила даврасидан, оиладан олади. Ўқувчида шаклланган яхши ёки ёмон характер, ундаги ҳар қандай руҳий ҳолат оиладаги муҳитнинг ҳосиласи, деб ўйлайман. Оиладаги иқлим, оиладаги муҳит болани улғайишига, ўз ўрнида ижобий ёки салбий таъсир қилади. Биз яхши биламиз, бола ўсувчан бўлади, тез ривожланади. Ана шу болани ўсишида, шахс бўлиб шаклланишида, ривожланишида, унинг дунёқарашини ўсишида оилавий муҳит муҳим рол ўйнайди. Болани ҳеч ким ўз оила аъзолари каби яхшироқ билмайди. Ҳеч ким бола тарбиясида ота-онаси каби муҳим таъсир ўтказа олмайди. Бу таъсир ижобий ёки акси бўлиши ҳам мумкин. Ёмон ўқувчи ёки ёмон бола деган ном билан аталувчи болалар бор. Улар ҳам аслида ёмон эмас, улар фақатгина ўзларини ёмон ҳис қилишар экан. Бу муаммо ҳам бевосита оила билан боғлиқ муаммо экан. Оилада бола тарбиясига акс таъсир курсатувчи,  яъни ёмон таъсир қилувчи ҳолатлар мавжуд. Ота-оналар мана шундай хатоларга асло йўл қўймасликлари керак.
Бола тарбиясида энг биринчи ўринда солиштириш, ажратиш каби салбий ҳолатлар бола ҳаётини барбод қилади. Жисмоний қўполлик, уриш, сўкиш, уят сўзлар билан ҳақоратлаш болани ўзига бўлган ишончини сўндиради. Болани камситувчи ҳолатлардан яна бири бу - масхаралашдир. Доимий равишда масхара қилинган бола ўзини ҳурмат қилмайдиган бола бўлиб ул-ғаяди.
Болани ортиқча эркалатиш болани талтайиб кетишига олиб келади ва у келажакда масъулиятсиз инсонга айланади. Керагидан ортиқ ғамхўрлик ҳам болани ҳийлакор ва талтайишга олиб келади. Бепарволик ундаги хотиржамлик хиссини йуқ қилади. Болани рағбатлантирмасангиз, фарзандингизни янгилик яратишдан, ижод қилишдан маҳрум қиласиз. Муҳаббат ва ўзаро ҳурмат бўлган жойда, оиланинг ҳамма аъзосининг қадрланиши, оилада бир-бирини тушуниш оиладаги ахлоқий тарбиянинг асосидир.
Бир муҳим ҳақиқатни унутмаслигимиз керак. Фарзанд учун энг яхши шифокор - ота-онадир. Уйимиздаги болани яхши йўлга йўналтириш, аксинча ёмон йўлга бошлаш ҳам сиз азиз ота-оналарнинг қўлидадир. Шундай экан, болангизни севинг, кўпроқ қучоқланг, қўлларидан тутинг, у билан ҳамфикр бўлинг. Зеро, фарзандингиз сизнинг келажагингиздир.
Эркиной ҚАРШИЕВА,
        4-мактаб амалиётчи психологи.
Мавзуга оид: