Мени кечир, Наргиза!

Ҳикоя
- Ўлмас ака, бу сизмисиз? 
У орқасига ўгирилиб қаради. Қаршисида бир пайтлар бу қиз учун бедор тунларни ўтказган, унинг учун жонини ҳам беришга тайёр турадиган Наргиза турарди. Йигит кўзларига ишонмасди. Ёшлигида йигитларнинг мафтун этувчи қора кўзлари чўккан, юзлари сўлғин, сочларига ҳам оқ туша бошлаганди бу аёлнинг. Ўлмас уни бу ҳолатда кўришни хаёлига ҳам келтирмаганди. Латофатли юзларига ғамгинлик соя солган, турмушда анча қийналганлиги сезилиб турарди. Йигит тезда ўзини ўнглаб олди-да, жавоб қайтарди.
-Наргиза, яхшимисиз. Аҳволингиз қандай?
- Раҳмат, худога шукр, юрибмиз, - аёл бу сўзни қувонч билан эмас, балки ўйга толган, ғамга ботган ҳолда айтди.
Улар ҳол-аҳвол сўрашди. Тўсатдан Наргиза сўраб қолди: -Болаларингиз нечта бўлди, Ўлмас ака?
- Икки ўғил, икки қизим бор. Ўғилларимни уйлантирдик. Насиб этса, яқинда катта қизимизни турмушга берамиз,- деди Ўлмас мамнунлик билан.
Кейин аёлдан сўради:  - Сизнинг фарзандларингиз нечта бўлди?
Йигитнинг бу саволи жавобсиз қолди. Аёл кўзларини олис-олисларга тикди ва оғир хўрсинди. Бироздан сўнг деди:
- Мени фарзандларим йўқ. Уч марта турмуш қурдим, лекин наилож, ёшликда қилган хатоим туфайли шу аҳволга тушдим. Аёлнинг кўзларига ёш келди.
- Наргиза, илтимос, йиғламанг. Бу сизнинг хатоингиз эмас, бу менинг айбим билан бўлганди. Мен номардлик қилмаганимда бу аҳволга тушмаган бўлардингиз,- деди йигит унга далда бериш мақсадида. Шу топда унинг Наргиза билан бўлиб ўтган воқеалари бир зум кўз олдидан ўтди...
Ўшанда улар университетнинг охирги курсида ўқишар, бир-бирларини кўришмаса тезда соғиниб қолишарди. Ўлмас шоиртабиат бўлиб гапга чечан, йўқдан бор қиладиганлар тоифасидан эди. Қиз билан киноларга бориб туришар, бу вақтда улардан бахтли инсонлар йўқ эди оламда. Куни кечагидек йигитнинг ёдида: Бир куни Наргиза тўсатдан унинг яшаб турган ижарадаги уйига келди. Ҳомиладор бўлиб қолганлигини, тезроқ уйларига совчи юбормаса, шарманда бўлишини айтиб йиғлади. Унинг бу гаплари Ўлмасни бир зум довдиратиб қўйди. Нима қилсам экан? Агар уйидагиларга бориб бор гапни айтса борми, бундан ёмони бўлмайди. Чунки отасининг катта вазифада ишлайдиган дўстининг қизига уйлантирмоқчи эканлигини Ўлмас яхши биларди. Агар ҳозир Наргизани кўндириб, жўнатиб юбормаса аҳволига маймунлар йиғлаши турган гап. Шундай экан, қандай бўлмасин, Наргизани алдаб бўлса-да, ҳозир унга турли ваъдалар бериб бўлса ҳам кўндириши лозим. Агар Наргизага уйланса борми, келажаги ҳақида уйлашнинг ўзи анча қийин. Чунки отасининг дўсти катта вазифада бўлганлиги учун унинг қўли ҳамма жойга етади. Шундай экан, қандай бўлмасин, вазиятдан чиқиб кетиши зарур. Наргиза содда қиз, нима десам ҳам ишонади. Кўндириш ҳам осон.
- Наргиза, биласизми, ҳозир бу ҳақда ҳеч кимга айта кўрманг. Ҳатто энг яқин дугонангиз ҳам билмасин. Бу сир иккаламизнинг ўртамизда қолсин. Мен эртага таниш доктор билан гаплашаман. Туғруқхонада ишлайди. Бирорта маслаҳат берар. Келишдикми?
Қиз рози бўлди. Бошқа иложи ҳам йўқ эди, бечоранинг. Ўзининг соддалиги, ишонувчанлиги туфайли шу аҳволга тушиб қолганини ўзи ҳам сезиб турарди. Эртаси куни Ўлмас таниш доктори билан учрашди. Йигитнинг гапларини диққат билан тинглар экан, врач сифатида ҳомилани олдириб ташлашни маъқулламайман,- деди. Унинг айтишига қараганда, биринчи болани олдириб ташлаш Наргиза учун анча хавфли эканлигини, кейин умуман фарзанд кўришлиги амри маҳол эканлигини таъкидлади. Бироқ, Ўлмас илтимос қилавергандан сўнг, қизнинг ўзини олиб келинг-чи, маслаҳатлашиб кўрамиз, деди. Ўлмас врачнинг гапини қизга айтишни ўзига эп кўрмади. Аксинча, тескарисини айтди. Доктор болани олдириб ташласа ҳам бўлади. Бунинг иложини қиламиз, деди дея, Наргизанинг атрофида парвона бўлди. Қизнинг ўзи ҳам биринчи фарзандини олдириб ташлаш ўзи учун хавфли эканлигини, кейин бошқа бола кўрмаслиги мумкин экан, деган гапларни эшитгандим деганида, йигит дарҳол одамлар айтаверишади-да, деб уни гапиртиришга йўл қўймади. Кейин эса эртаси куни Наргиза билан ўша таниш докторнинг олдига боришга келишишди.
Бечора қиз шифохонага анча ранги ўчган ҳолда келди. У нимадандир хавфсирар, чўчирди. Фақатгина Ўлмаснинг далда берувчи сўзлари уни шу ишни қилишга мажбур этарди. Ўша куни қизнинг ҳомиласини олиб ташлашди. Шундан сўнггина йигитнинг елкасидан тоғ ағдарилгандай, енгил тортди. Бу орада улар университетни битиришиб, икки томонга тарқалишди. Ўлмас уйига келганида ҳам безовта эди. Негадир ўзини хотиржам тутолмасди. Гўеки, эрта-индин Наргиза онасини етаклаб уларнинг уйига келиб колаётгандек туюлаверарди. Шу топда унинг миясига бир фикр келиб колди. Агар мен армияга кетсам, мен қайтиб келгунча Наргиза турмушга чиқиб кетар, деган фикр хаёлидан кетмай қолди. Шундай бўлди ҳам. Олий маълумотли бўлганлиги учун йигит бир йил хизмат қилиб келганга қадар Наргиза турмушга чиқиб кетган эди. Армияда бўлган пайтда ҳам қиз уч-тўрт марта хат ёзди. Аммо йигит унга жавоб хатини ёзмади. Ёзишни ўзига эп кўрмади. Агар жавоб ёзса, қиз албатта ҳеч иккиланмасдан унинг хизматдан қайтиб боришини кутишини яхши биларди. Шу сабаб бўлдими ҳар ҳолда қиз бошқа хат ёзмади. Йигит шундан билдики, у турмушга чиқиб кетган.
Хизматдан қайтгач, катта туй-томоша қилиб Ўлмасга ўша отасининг дўстини қизини олиб беришди. Ўзи ҳам қайнотаси раҳбарлик қиладиган корхонага ишга ўтди. Егани олдида, емагани орқасида бўлди. Кўп ўтмай, туман марказидан данғиллама уй солди. Машиналарнинг энг сўнгги маркасини сотиб олди. Шу орада бирин-кетин шириндан-ширин фарзандлар дунёга келди. Ҳозир эса Ўлмас Фалончиевич деган номи бор. Наргизани кўрмаганига ҳам қарийб ўттиз йил бўлибди. Бўлиб ўтган воқеаларни эслар экан, Ўлмас ўзини айбдор ҳис қиларди. Инсоф билан айтганда, қизлари вояга етган сари Наргиза ҳақида кўп ўйлайдиган бўлиб қолганди. Аммо, унинг фарзандсиз бўлиб қолганлигини ҳозиргача билмаганди. Виждони азобланмоқда эди, унинг. Агар ўша дамлар қайтиб келганида бу хатосини йигит қилмаган бўларди. Шубҳасиз, ҳеч иккиланмасдан, Наргизага уйланарди. Юрагининг туб-тубида аёлга ачиниш ҳисси жўш уриб турар, лекин қандай ёрдам беришни билмасди. Қилган иши учун ич-ичидан пушаймон эди у.
- Наргиза, мени кечиринг, мен сизнинг олдингизда гуноҳкорман. Бир умр шундай бўлиб қолади. Қандай ёрдам керак бўлса тайёрман.
- Ёрдам дейсизми?- аёл бошини кўтарди. Бир марта ёрдам бериб бўлгансиз, Ўлмас ака. Шунинг ўзи бир умрга етарли бўлган. Болаларингиз бахтли бўлсин. Ўзингиз ҳам омон бўлинг. 
Аёл шундай дея, кўзларида ёш билан ўрнидан туриб, бекат томон юрди. 
Ўлмас эса, тўхтанг, Наргиза, деёлмади. Айтгиси келди-ю, томоғига бир нарса тиқилгандек эди гўё. Қани эди, қилган айбини, гуноҳини юва олса? Бу муштипар аёл учун ўзини қурбон қилишга ҳам шу топда тайёр эди у. Агар Наргиза уни севмаганда, бугун у билан саломлашмаган, болаларига бахт ҳам тиламаган бўларди. Аёл ундан ўттиз метрча нарида кетиб борар, боши эгик, кўзларида ёш   бор эди унинг. Ўлмас унинг бу ҳолатини кўриб чидай олмади. Овози борича бақирди: Мени кечир, Наргиза...
Унинг бу бақириғидан атрофдагилар ҳайратга тушишди. Аммо Наргиза гўё ҳеч нарса эшитмагандай, юрагида, қалбида бир олам армон билан кетиб борарди...
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: