ГИЖЖА - САЛОМАТЛИК КУШАНДАСИ

Гижжалар тирик организмлар бўлиб, аксарият турлари одам ошқозон-ичак йўлида паразитлик қилади. Баъзи турлари одамнинг жигари, ўт халтаси, ўпка, мияси, кўзи ёки юрак перикард халтасида паразитлик қилиб яшайди.

Гижжа касаллиги соғлом одамга, гижжаси бор беморлар ва уй ҳайвонларидан юқади. Бемор нажаси билан гижжаларни ташқи муҳитга ажратади. Гижжалар аксарият қисми ошқозон-ичак йўли орқали, "ифлос қўл" билан овқатланганда, қайнатилмаган сув ичганда, мева-сабзавотларни ювмай истеъмол қилганда ҳамда гижжалари бор чорва моллари гўшти, жигари ёки бошқа аъзоларини етарлича иссиқликда термик ишлов бермасдан истеъмол қилганда юқади. Касалликни юқтиришда пашшалар ҳам катта роль ўйнайди. Ит ва мушук каби уй ҳайвонлари касалликни тарқатувчи манба бўлиб ҳисобланади. 

Гижжалар организм учун зарур бўлган витамин, оқсил, углевод, кальций, йод ва шу каби  бошқа керакли элементларни  ўзлаштиради. Шунинг учун гижжа касаллигига чалинган  одам қувватсиз, рангсиз бўлиб қолади. Организмни ўсиш-ривожланиши учун зарур озиқ модда ва элементлар етишмаслиги оқибатида айниқса болалар жисмоний ўсишдан орқада қоладилар. Боланинг ақлий ривожланиши ва хотираси сусаяди. Билимни ўзлаштириш, эслаб қолиш ва диққатни жамлаш қийинлашади. Организмнинг курашувчанлиги - иммунитети пасайиб, турли хил юқумли касалликларга мо-йиллик ошади. Суяклар мўртлашиб, умуртқа поғонаси қийшайиши каби ҳолатларга, шунингдек, терида оқ  доғлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Агар бола: 

*овқатланишидан қатъий назар, озиб кетса;                                                                                                       

*ранглари оқариб, нимжон бўлиб қолса;

*салга асабийлашадиган бўлиб қолса, инжиқланса;

*ухлаганда тишларини ғижирлатса ва оғзидан кўп сўлак оқса;

*қорни оғриса, кўнгли айниса зудлик билан  врачга мурожаат этиш зарур. 

Гижжа касаллигига чалинмаслик учун:

*Ҳожатдан сўнг, овқатланишдан олдин, бола ўйнагандан сўнг, хўжалик юмушларидан сўнг қўлларни совунлаб ювинг.

*Мева-сабзавотларни яхшилаб ювиб истеъмол қилинг.

*Фақат қайнатилган сувни истеъмол қилишга одатланинг.

Болаларни бир-бирларининг ички кийимларидан фойдаланмасликка ўргатинг. Уларда қўл, ўйинчоқларни ва бошқа предметларни оғизга солиш, тирноқларни тишлаш каби ярамас одатларнинг шаклланишига йўл қўйманг.

*Болаларни тирноқларини доимо олиб юришга ўргатинг.

*Болалар туваги, эшик ушлагичлари, қўл ювиш жўмраклари  ва умуман қўллар билан тез-тез ушланадиган   жойларни кунига 5-6 марта ювиб туринг.   

*Гўшт, жигар ва бошқа ички аъзоларни  харид қилаётганингизда уларнинг сифатига аҳамият беринг. Таомларни етарли даражадаги иссиқлик ишловидан ўтишига аҳамият беринг. Хом қиймани ва бошқа гўштли маҳсулотларни хомлигида татиб кўрманг.

*Пашшаларнинг кўпайишига йўл қўйманг. Тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари устини пашша қўнмаслиги учун дока билан ёпинг. Пашша танаси, қанотида минглаб гижжа, тухумлари ва бошқа касаллик қўзғатувчи микробларни ташийди.


С.Қосимова,

 туман аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний  фаоллигини ошириш  бўлинмаси шифокори.

Мавзуга оид: